Спортимиз мутасаддилари параатлетларимизга оқ йўл тилашди
Эртага Хитойнинг Ханжчоу шаҳрида IV Пара Осиё ўйинлари бошланади. Ўзбекистон делегацияси мусобақага жўнаб кетиши олдидан Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти О.Умаров, Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосарлари - Ш.Маҳмудов ва М.Исмоилов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби О.Касимов, қўмита раиси ўринбосарлари – А.Камилов ҳамда Ш.Ташматовлар Миллий паралимпия қўмитасига ташриф буюришди. Уларни Осиё Паралимпия қўмитаси вице-президенти – Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси М.Ташходжаев қарши олди.
Тантанали кузатиш тадбири олдидан Ўзбекистон делегациясининг ушбу комплекс мусобақага кўрган тайёргарлиги, кутилаётган натижаларга бағишланган тақдимот бўлиб ўтди. Унда ҳар бир йўналишда кутилаётган натижалар, ҳамюртларимизнинг тайёргарлиги бўйича батафсил маълумот берилди.
Пара Осиё ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон делегацияси бугун Ханчжоуга етиб борди. Маълумот учун, бу галги мусобақада делегациямиз 11 спорт турида 108 нафар параатлет билан иштирок этади. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси бўлажак баҳсларда ҳамюртларимизга омад ва зафарлар тилайди.