Нукусда спорт курашлари бўйича халқаро мусобақа ўтказилди
17-19 октябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасида спорт курашлари бўйича халқаро мусобақа бўлиб ўтди. “New Uzbekistan” номи остида биринчи бор ташкил этилган катталар ўртасидаги турнирда мамлакатимиздан ташқари Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Беларус Республикаларидан ташриф буюрган полвонлар баҳс олиб боришди.
Мусобақа “Спорт курашларининг олимпия турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-336-сон Қарори асосида ташкил этилди. Унда Олимпия вазн тоифаларида кучлилар саралаб олинди. Кутилганидек, ҳар уч йўналишда 14 та вазн тоифасида олтин медалга сазовор бўлган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритишди. Иккинчи ва учинчи ўринлар мос равишда Беларусь ҳамда Қозоғистон жамоаларига насиб этди.