Ру En O'z
18 Октябрь 2023 2832

Ўзбекистон соғлом турмуш тарзи ва фитнес миллий ассоциациясига асос солинди

Мамлакатимизда аҳоли орасида жисмоний тарбия ва спорт, соғлом турмуш тарзи тарғиботини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон соғлом турмуш тарзи ва фитнес миллий ассоциацияси ташкил этилди. Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Ассоциациянинг илк Конференцияси бўлиб ўтди.

Тадбирни МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов олиб борди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департамент раҳбари Одил Абдурахманов, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари Дурдона Раҳимова, Ёшлар ишлари агентлиги директорининг ўринбосари Дилнозахон Каттахонова, финтес ва масрестлинг федерациясининг масъуллари иштирок этишди.

Ойбек Омилович даставвал ташкил этилаётган янги ассоциациянинг мақсад ва вазифалари хусусида тўхталар экан бу Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаларида илгари сурган Соғлом турмуш тарзи ҳаракатининг амалий натижаси бўлишини таъкидлади.

Тадбирда Одил Қаландарович Абдурахмонов номзоди Ўзбекистон соғлом турмуш тарзи ва фитнес миллий ассоциацияси раислигига илгари сурилди. Делегатлар ушбу номзодни бир овоздан қўллаб-қувватлашди ва О.Абдурахманов янги ташкил этилган ушбу ассоциация раиси этиб сайланди.

Ўз навбатида, Одил Қаландарович билдирилган ишончни оқлашга, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланишни тарғиб қилиш, мамлакатимиздаги фитнес индустриясини янада кучайтириш йўлида бор куч-ғайратини ишга солишга ваъда берди.

Кун тартибига мувофиқ, Ассоциация раиси ўринбосарларининг таркиби ҳам шакллантириб олинди. Унга кўра, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев, шунингдек, Жаҳонгир Наврўзов, Моҳир Каримов ҳамда Шоҳруҳ Далиев Ассоциация раиснинг ўринбосарлари лавозимига сайланишди.

Тадбирда сўз олган Дурдона Раҳимова Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ушбу ташкилот фаолиятини ривожлантириш, ёшлар орасида кенг тарғиб қилишда елкадош бўлишини билдирди. Шунинг билан, Ўзбекистон соғлом турмуш тарзи ва фитнес миллий ассоциациясининг Конференцияси ўз ишини якунлади.

Text to speech