Чавандозларимиз Қирғизистондаги халқаро мусобақада муваффақиятли иштирок этишмоқда
Қирғизистон Республикаси Бишкек шаҳрида от спортининг конкур йўналишида FEI Jumping CSIO1*-W World Cup Eurasian League ва FEI Jumping Nations Cup халқаро мусобақаси бўлиб ўтмоқда. Мусобақанинг тўсиқ баландлиги 150 см бўлган Гран-при дастурида терма жамоамиз вакиллари Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон чавандозларини ортда қолдириб, барча совринли ўринларни қўлга киритишди.
Умид Комилов Нумеро “Уно Рафаель” лақабли отида 1-ўринни, Бекзод Қурбонов “Сир Стенограф” тулпорида иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, “Кинг Корнет Л” отида иштирок этган Бекзод Қурбонов кучли учликни якунлаб берди. Аҳамиятлиси, бошқа бир вакилимиз Нуржан Туякбаев “Ланселотта” лақабли отида 4-натижани қайд этди.
Иккинчи кунги дастурда эса 140 см тўсиқлар устидан ўтиш баҳсларида Бекзод Курбанов “Кинг Корнет Л” оти билан бу гал ғалабани тантана қилди. Саидамирхон Турғунбоев эса 120 см баландликдаги тўсиқлардан ошиб ўтишда “Корнет БС” отида энг яхши натижани қайд этган бўлса, “Кастания” тулпорида учинчи ўринни эгаллади.
Мусобақанинг эртанги дастурларида ҳам ҳамюртларимизга омад тилаймиз!