17 Октябрь 2023
995
Академик эшкак эшувчиларимиз Туябўғизда шуғулланишмоқда
Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида муваффақиятли қатнашган академик эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси қисқа дам олишдан сўнг машғулотларга қайтди. Туябўғиз сув омборидаги базада бошланган йиғинда спортчиларга катта юклама берилгани йўқ. Машғулотларда катта мусобақадан сўнг атлетларнинг тикланиш жараёнини бир маромда олиб бориш, шунингдек, уларнинг жисмоний ҳолати ва сувдаги кўникмаларини сақлаб туришга аҳамият қаратилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ушбу спорт турида терма жамоамиз Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида 2 та олтин, 4 та кумуш ва 1 та бронза, жами 7 та медаль жамғариб, делегациямизнинг ўз тарихидаги энг яхши натижасини қайд этишига муносиб ҳисса қўшган.