Фахрийларимиз дзюдочи қизларимизнинг жаҳон чемпионатига тайёргарлигини кузатишди
6-13 июнь кунлари Венгриянинг Будапешт шаҳрида дзюдо бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Баҳодир Махситов бошчилигидаги Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгaши Ўзбекистон дзюдо федерациясида шуғулланаётган терма жамоамиз вакилларининг машғулотини кузатди.
Ҳозирда эркаклар терма жамоамиз Грузияда мусобақага сўнгги тайёргарлик босқичини олиб бормоқда. Қизларимиз эса Тошкентда жаҳон чемпионатига ҳозирлик кўришяпти. Фахрийларимиз ташриф давомида дзюдочи қизларимиз билан уларнинг тайёргарлиги, саломатлиги, режалари ҳақида суҳбатлашишди. Ўз ўрнида қизларимиз учун яратиб берилган шароитлар юқори эканлигини таъкидлаб, бўлажак жаҳон чемпионатида уларга омад ва зафарлар тилаб ўтишди.
Будапештдаги дунё биринчилигидан сўнг ушбу спорт турида Токио-2020 рейтинг даври якунланади. Шундан сўнг Олимпия ўйинларида иштирок этувчи барча дзюдочилар номи маълум бўлади.