Жаҳон кубогининг финал босқичида илк бор ўзбекистонлик икки нафар мерган иштирок этади
Жорий йилнинг 18-26 ноябрь кунлари Қатарнинг Доха шаҳрида ўқ отиш спорти турлари бўйича Жаҳон кубогининг финал босқичи бўлиб ўтади. Халқаро ўқ отиш спорти федерацияси мазкур мусобақада иштирок этиш учун илк бор Ўзбекистон терма жамоасининг 2 нафар аъзосига таклифнома жўнатди.
Мазкур спорт турида Жаҳон кубогининг финал босқичи йилда 1 маротаба ўтадиган нуфузли турнир ҳисобланади. Унда ўша йил дунё биринчилигида шоҳсупага кўтарилган 3 спортчи, шунингдек, йил давомида ўтган Жаҳон кубогининг 6 та босқичида энг юқори рейтинг очколарини жамғарган 12 нафар мерган иштирок эта олади.
Бу йилги Жаҳон кубоги босқичларидаги муваффақиятли иштироки орқали кучли 12 таликка кирган Муҳаммад Камалов ҳамда Владимир Свечников пневматик тўппончадан отиш дастурида Дохада ўтадиган финал баҳсларига йўл олишди. Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари сўнгги марта 2008 йил бундай нуфузли мусобақада иштирок этишган бўлса, биринчи бор 2 нафар спортчи билан финал босқичига йўл олишди.