Ру En O'z
29 Май 2021 2136

Осиё чемпионатига тайёргарлик авжида

4-6 июнь кунлари пойтахтимиз самбо бўйича Осиё чемпионатига мезбонлик қилади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Таэквондо WT ассоциацияси базасидаги «Универсал» спорт саройида мусобақа ташкилий қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишни Ташкилий қўмитанинг раиси, Ўзбекистон туризм ва спорт Вазирининг ўринбосари, Аваз Каримов олиб борди. Унда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, Осиё самбо уюшмаси раиси Аламжон Муллаев, Осиё самбо уюшмаси бош директори Сурэш Гоопи, Ўзбекистон самбо ассоциацияси раиси Алишер Алимов, шунингдек, Миллий Гвардия, бир қатор вазирлик ва бошқа идоралар мутасаддилари вакиллари иштирок этишди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 27 май куни 31-31/1-198-сон баённомасида қайд этилган 2021 йил Самбо бўйича Осиё чемпионатини юқори савияда ўтқазиш бўйича барча масалалар кўриб чиқилди, савол ва таклифлар киритилди ва камчиликларни олдини олиш бўйича топшириқлар берилди. Чемпионат халқаро миқёсда ташкил этилишини инобатга олиб, уни юқори савияда ўтказиш кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Айни пайтда Ўзбекистон самбо ассоциацияси ушбу қитъа биринчилигини ташкил этиш бўйича қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Мусобақага нафақат ташкилий томонлама, балки спортчиларимизнинг тайёргарлиги ҳам кучайтирилган тартибда олиб борилмоқда. Айни пайтда терма жамоамиз аъзолари Чирчиқ шаҳридаги ўқув-машғулот йиғинида иштирок этишяпти.

Ўзбекистон самбо ассоциацияси матбуот хизмати

Text to speech