Ру En O'z
10 Октябрь 2023 1597

Тарихий натижа қайд этган Ханчжоу-2022 қаҳрамонлари тантанали кутиб олинди

Жорий йилнинг 23 сентябрь – 8 октябрь кунлари Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган XIX ёзги Осиё ўйинларида муваффақиятли иштирок этган Ўзбекистон делегацияси тантанали кутиб олинди. Делегация давлатимиз томонидан ташкил қилинган махсус чартер рейсда Тошкентга етиб келди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида делегациямизни Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат вакиллари, Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умрзоқов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари раҳбарияти қарши олди.

Тантанали тадбирда Абдулла Нигматович музаффар спортчиларимизни эришилган муваффақият билан қутлаб, уларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг табригини ўқиб эшиттирди. Ўз навбатида, спортчилар номидан сўз олган мусобақа чемпионлари Баҳодир Жалолов ҳамда Шарифа Давронова давлатимиз томонидан қаратилаётган бундай ғамхўрликдан мамнун эканликларини билдириб, юртбошимизнинг бундай эътибори Париж-2024 Олимпия ўйинлари йўлида катта мотивация беришини таъкидлаб ўтишди.

Анъанага мувофиқ, Осиё ўйинлари қаҳрамонларига пойтахтимизнинг марказий кўчалари бўйлаб чемпионлар кортежи ташкил этиб берилди. Уларни минглаб ҳамюртларимиз кўтарингки руҳда қарши олишди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон делегацияси жорий Осиё ўйинларида 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 бронза, жами 71 та медаль билан умумжамоа ҳисобида 45 мамлакат орасида 5-ўринни эгаллади. Қайд этиш жоиз, делегациямиз нисбатан бир неча баробар кўп спортчи билан ташриф буюрган ва кучли ўнликдан ўрин олган Таиланд, Хитой Таипейи, шунингдек, қитъамиз спортида юқори нуфузга эга бўлган Қозоғистон, Эрон, Гонконг, Қатар, Баҳрайн каби жамоаларни ортда қолдиришга муваффақ бўлди.

Бу галги Осиё ўйинларида атлетларимиз футбол, шунингдек, дзюдо, қиличбозлик, ўқ отиш, бадиий гимнастика, таэквондо WT, шахмат турларининг жамоавий дастурларида кўплаб медалларни жамғаришди. Медаллар кесимини таҳлил қиладиган бўлсак, жамоавий дастурдаги совринлар билан ҳисоблаганда, 113 нафар спортчи 132 та медаль қўлга киритди. Делегациямиз ҳисобидаги 22 та олтин медаль 31 нафар спортчи ҳиссасига ёзилган бўлиб, уларнинг деярли тенг ярми (49 фоизи) спортчи қизларимиз улушига тўғри келади. Бу эса мамлакатимизда хотин-қизлар спортига қаратилаётган эътиборнинг юксак самарасидир. Шунингдек, 26 нафар атлет томонидан жамғарилган 18 та кумуш медалнинг 39 фоизи, 65 нафар спортчи келтирган 31 та бронза медалининг 35 фоизи айнан аёллар спортида эришилган.

Демак, Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари ортда қолди. Энди спортчиларимиз эртаданоқ олдинда турган муҳим мусобақалар, энг аввало, Париж-2024 Олимпиадаси сари тайёргарликни давом эттиришади. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси бу йўлда барча спортчи ва мураббийларга омад ва зафарлар тилайди. Шу билан биргаликда, спорт соҳасига қаратилаётган эътибор, атлетларимизни қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотлар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорчилик билдиради.

Text to speech