Ру En O'z
8 Октябрь 2023 755

Ўзбекистон спорти тарихида илк бор мамлакатимиз вакили Осиё от спорти федерацияси вице-президенти бўлди

Бу номга Евроосиё от спорти ассоциацияси вице-президенти, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Баҳромжон Газиев сазовор бўлди.

Ханчжоу-2022 XIX ёзги Осиё ўйинларининг от спорти мусобақалари ўтказилган Тогнлу шаҳрида Осиё от спорти федерациясининг навбатдан ташқари Бош ассамблеяси бўлиб ўтди. Унинг кун тартибидан федерация вице-президентларини сайлаш масаласи ҳам ўрин олган эди. Таъкидлаш керакки, ушбу юксак лавозимга номзодлар орасида Хитой, БАА, Жанубий Корея, Ливия ва Эрон вакиллари қатори Ўзбекистондан номзод илгари сурилди.

Овоз бериш натижаларига кўра, ҳамюртимиз Баҳромжон Газиев Осиё от спорти федерацияси вице-президенти лавозимига сайланди.

Шунингдек, Осиё от спорти федерацияси вице-президенти лавозимига Япония, Жанубий Корея ва Ливия вакиллари ҳам тасдиқланишди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Баҳромжон Газиевни ушбу янги лавозим билан қутлаб, унинг келгуси фаолиятида, жумладан нафақат Ўзбекистон, балки қитъамизда от спортини ривожлантириш борасидаги меҳнатларида муваффақиятлар тилайди.

Text to speech