Ру En O'z
7 Октябрь 2023 894

Адҳам Икрамов Бутунжаҳон шахмат федерацияси Президенти Аркадий Дворкович билан учрашди

Маълум қилганимиздек, Ўзбекистон делегацияси раҳбарияти Осиё ўйинлари доирасида бир қатор халқаро федерациялар мутасаддилари билан кўришиб, кенг қамровли ҳамкорлик режаларини муҳокама қилмоқда. Шахмат мусобақалари доирасида Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов Бутунжаҳон шахмат федерацияси Президенти Аркадий Дворкович билан кўришди. Унда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳам иштирок этди.

Учрашув давомида 2026 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасига тайёргарлик кўриш, ўзбекистонлик шахматчиларнинг ФИДE, жаҳон ва Осиё чемпионатларида мунтазам иштирок этишлари учун шароитлар яратиш муҳокама қилинди. Шунингдек, келгусида бўлиб ўтадиган нуфузли шахмат мусобақаларида ўзбекистонлик ҳакамлар қатнашишини таъминлаш масалалари ҳам кун тартибидан ўрин олди.

Таъкидлаш лозимки, “2026 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига комплекс тайёргарлик кўриш ҳамда шахматни оммавий ҳаракатга айлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги ПҚ-150-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, унга мувофиқ ФИДE, Ўзбекистон шахмат федерацияси ва бошқа ташкилотлар мутахассисларидан иборат махсус ишчи гуруҳ ташкил этилди ва у аллақачон ўз фаолиятини бошлаган.

Учрашув якунида Адҳам Икрамов Аркадий Дворковични Ўзбекистонга таклиф қилди ва келгусида ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқилишига умид билдирди.

Text to speech