Ру En O'z
6 Октябрь 2023 1002

Адҳам Икрамов Халқаро каноэ федерацияси президенти билан ҳамкорликнинг янги қирраларини муҳокама қилди

Ханчжоу-2022 XIX ёзги Осиё ўйинларига бир қатор халқаро федерациялар раҳбарияти ҳам ташриф буюрган. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов Халқаро каноэ федерацияси президенти Томас Конецкий билан кўришиб, истиқболли режаларни муҳокама қилди. Учрашувда Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда Ўзбекистон Rowing&Canoe федерацияси раиси ўринбосари Татьяна Маматқулова ҳам иштирок этишди.

Учрашув аввалида Томас Конецкий Адҳам Илҳамовични ўзбекистонлик спортчилар, хусусан, каноэчиларнинг Осиё ўйинларида муваффақиятли иштирок этаётгани билан қутлаб, мазкур спорт турида ҳамюртларимизнинг юқори натижа қайд этганини алоҳида эътироф этди. Ўз навбатида, Ёшлар сиёсати ва спорт вазири давлатимиз томонидан спорт соҳасига қаратилаётган улкан эътибор сабаб ҳар бир спорт турида юқори натижалар қайд этилаётганини маълум қилди.

Суҳбат давомида мамлакатимизда кўплаб халқаро мусобақаларни ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Халқаро мутахассис Самарқанд шаҳрида тўла реконструкция қилинган эшкак эшиш каналининг имкониятларини юқори баҳолади. Хусусан, жорий йил ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионати юқори савияда ташкил этилгани ҳақида алоҳида тўхталди. Қолаверса, халқаро федерация байроғи остида ўтадиган жаҳон миқёсидаги нуфузли мусобақаларни ўтказиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Самимий руҳда ўтган учрашувда ўзаро ҳамкорликнинг янги истиқболлари муҳокама қилинди.

Text to speech