Ру En O'z
28 Май 2021 1819

Ханчжоу-2022, Париж-2024: Танзила Норбоева ва Азиз Абдуҳакимов велоспортчиларимизнинг тайёргарлик режалари билан танишди

Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси томонидан Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик юзасидан йиғилиш ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, шунингдек, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси мутасаддилари иштирок этишди.

Даставвал федерация бош котиби Козим Ўринбойхўжаев Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж -2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берди.

 

Миллий терма жамоа аъзоларини мазкур комплекс мусобақаларга тайёрлаш учун таклиф этилган ва айни пайтда мамлакатимизда бўлиб турган Россия терма жамоасининг собиқ тренери, 2011 йилдан 2020 йилгача Американинг «Novo Nordisk» профессионал жамоаси мураббийи бўлган Глеб Гройсманнинг таклифлари тингланди.

Мутасаддилар велоспортчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда спортчиларга мотивация бўладиган дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлашди. Мусобақаларга тайёргарлик жараёнларида халқаро тажрибадан фойдаланиш лозимлиги ҳам алоҳида айтилди.

Йиғилишда, шунингдек, Париж-2024 Олимпия ўйинларига муносиб тайёрланиш ва лицензиялар сонини кўпайтириш учун ташкил этилган профессионал клубнинг тақдимоти ҳам ўтказилди.

Text to speech