Ру En O'z
28 Май 2021 2503

Тошкент вилояти ёшларини Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрамига муносиб совға кутмоқда

МОҚ раисининг биринчи ўринбосари, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тошкент вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси раҳбари Даврон Ҳидоятов билан учрашди. Унда вилоятда оммавий спорт тарғиботини кучайтириш, ёшларнинг спортга бўлган қизиқишларини янада ошириш масалаларига бағишланган бир қатор истиқболли режалар муҳокама қилиб олинди. Вилоятнинг футбол ва умуман спорт борасидаги имкониятлари улкан эканлиги учрашув давомида алоҳида таъкидланди.

 

Суҳбатнинг асосий мавзуларидан бири Тошкент вилоятида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллик тантанасига муносиб тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилиш бўлди. Унда энг улуғ, энг азиз байрамимизга бағишлаб, спортнинг 30 туридан Тошкент вилоятининг мини-олимпиадасини ўтказиш бўйича ижобий келишувга эришилди. Эндиликда томонлар ўртасида мазкур мусобақани ташкил этиш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилади ва тез орада амалий ишлар бошлаб юборилади. Таъкидлаш жоиз, мазкур лойиҳа вилоятнинг ёш спортчилари учун унутилмас тадбир бўлиши кутилмоқда.

Самимий руҳда ўтган учрашувда Тошкент вилоятида ўйин спорт турлари ва яккакураш йўналишларини янада ривожлантириш, ЎзДЖСТУ, Чирчиқ Олимпия захиралари коллежи, футбол бўйича Олий спорт маҳорати мактаблари фаолиятини такомиллаштириш бўйича ҳам бир қатор режалар муҳокама қилиб олинди. Қолаверса, Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган вилоят атлетларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий ҳолатини назорат қилиб туриш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилиши таъкидланди.

Text to speech