Ўсмирлар Олимпиадаси учун реванш олинди ёхуд шоҳсупада икки ўзбек полвони
Пойтахтимизда давом этаётган оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг бугунги куни терма жамоамиз учун муваффақиятли якунланди. Эркаклар ўртасида -81 кг вазн тоифасидаги беллашувларда икки нафар вакилимиз шоҳсупага кўтарилди.
Буэнос-Айрес-2018 ўсмирлар Олимпиадаси кумуш медаль соҳиби Муҳаммадқодир Тоштемиров мазкур мусобақада 343 кг натижа қайд этиб, ғалабага асосий даъвогар эканлигини амалда кўрсатиб берди. Муросасиз беллашувда вакилимиз энг яқин таъқибчиси, Аргентинада атиги 1 кг фарқ билан ундан устун келган арманистонлик Карен Маргаряндан бу гал нақд 16 кг илгарлаб кетди ва ўсмирлар Олимпиадаси учун муносиб реванш олди. Маргарянга 1 кг имкониятни бой берган бошқа бир ёш вакилимиз Ҳожиакбар Олимов эса шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.
Ёшлар ўртасида ЖЧ
Йигитлар, -81 кг:
1. Муҳаммадқодир Тоштемиров (Ўзбекистон) – 343 (161+182) кг;
2. Карен Маргарян (Арманистон) – 327 (152+175) кг;
3. Ҳожиакбар Олимов (Ўзбекистон) – 326 (150+176) кг.