Ру En O'z
27 Май 2021 2438

МОҚ раҳбари замонавий бешкураш федерациясининг истиқболли режалари билан танишди

МОҚ раҳбарияти Олимпия спорт турлари бўйича федерация ва ассоциациялар билан Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик режаларини муҳокама қилишда давом этади. Бугун МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов Ўзбекистон замонавий бешкураш федерациясининг мазкур мусобақаларга олиб борилаётган тайёргарлик режалари билан танишди. Ушбу учрашувда Баҳромжон Газиев бошчилигидаги Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси мутасаддилари ва МОҚ вакиллари ҳам иштирок этишди.

Суҳбат давомида федерация раҳбарияти ўз режалари билан таништирди. Тақдим қилинган маълумотларга кўра, ҳозирда ёшлар терма жамоаси Қирғизистонда халқаро ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда. Шундан сўнг жамоа бир нечта халқаро турнирларда иштирок этиши кўзда тутилган. Келажакда ушбу жамоа дастлаб Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида иштирок этиши, кейинчалик Париж-2024 Олимпия ўйинларида қатнашиши кўзда тутилган.

 

Мутасаддилар бу борада Садриддин Қобилжонов, Александр Кутьянудис, Самира Абзалова каби ёш спортчиларимизнинг имкониятларини юқори баҳолашмоқда. Шунингдек, келажакда ушбу спорт туридан Париж-2024 Олимпия ўйинларига ҳам 2 та йўлланма олиш имконияти мавжудлиги кўрсатиб ўтилди. Ўз навбатида, МОҚ раҳбари федерациянинг режаларини қўллаб-қувватлади ва Қўмита томонидан ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини билдирди.

Text to speech