Ру En O'z
27 Май 2021 2638

ЎФА президенти Абдусалом Азизов Миллий терма жамоа вакиллари билан учрашди

Хабарингиз бор, июнь ойида футбол бўйича ЖЧ-2022 ҳамда ОК-2023 қўшма саралаш баҳслари доирасида терма жамоамиз жой олган гуруҳнинг қолган ўйинлари Саудия Арабистонида марказлашган тарзда бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Сингапур, Яман ва Саудия Арабистони вакилларига қарши ўйнайди.

Бугун сафар олдидан ЎФА президенти Абдусалом Азизов Ўзбекистон МТЖ аъзолари билан учрашди. Унда, шунингдек, МОҚ раисининг биринчи ўринбосари, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов, Ўзбекистон футбол фахрийлари кенгаши раиси Тўлаган Исоқов ҳам иштирок этишди. Футболимиз раҳбари Миллий жамоамиз олдида турган мусобақаларнинг масъулияти, номзодларнинг асосий таркибга лойиқлигини исботлаши қанчалик зарурлиги, ҳар бир ўйинга сидқидилдан тайёрланиш лозимлиги ҳақида гапириб ўтди.

 

Ижобий натижага эришиш учун ЎФА томонидан барча зарур шароитлар тақдим этилиши таъкидланди. Жамоа етакчилари ҳам ушбу баҳслар ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди. Самимий руҳда ўтган суҳбат якунида Абдусалом Абдумавлонович масъулиятли турнирда жамоага омад тилади.

Ўзбекистон МТЖ эртага сўнгги ўқув-машғулот йиғинини ўтказиш учун БААга жўнаб кетади.

Text to speech