Ру En O'z
26 Май 2021 2555

Президент қарорининг ижроси амалда

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 11 март куни имзоланган “Йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турини оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида амалий ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси ҳамда Ўзбекистон поло федерацияси раиси Баҳромжон Газиев бошчилигидаги ишчи гуруҳ айни пайтда Республикамиз бўйлаб вилоятлардаги от спортига ихтисослашган мактаблар ва йирик отхоналарни кўздан кечирмоқда.

Мутасаддилар дастлаб Самарқанд вилоятида бўлишди. Ҳозир эса Андижон вилоятидаги асосий отхона ва от спортига ихтисослашган мактаблар ўрганилмоқда. Маълумки, юртимизда ахалтеке ва қорабайир отларини етиштирадиган кўплаб мутахассислар мавжуд. Ишчи гуруҳ ташриф давомида ҳудудлардаги ана шундай вакиллар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича бир қатор истиқболли келишувларга эришмоқда. Мақсад эса мамлакатимизда зотдор ва наслли отларни кўпайтириш орқали от экспортини йўлга қўйиш, юртимизда от спортини янада ривожлантиришдир.

Ўрганишлар натижасида аниқланган камчилик ва муаммолар муҳокама қилиниб, керакли тавсиялар берилди. Таъкидлаш жоиз, федерация раҳбарияти келгусида Республикамизнинг барча ҳудудларига сафар уюштириб, вилоятларнинг бу борадаги имкониятларини ўрганиб чиқишни режалаштирган.

Text to speech