Ру En O'z
21 Май 2021 2120

Бугун уч нафар спортчимиз Токио-2020 лицензияси учун курашади

Бугун каноэда эшкак эшиш ва таэквондо бўйича терма жамоаларимизнинг 3 нафар вакили Токио-2020 Олимпия ўйинлари йўлланмаси учун баҳс олиб боришади.

Маълум қилганимиздек, кеча Россия Федерациясининг Барнаул шаҳрида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон миқёсида Токио-2020 Олимпия ўйинлари учун йўлланма берувчи лицензион турнир старт олди. Саралаш баҳсларидан муваффақиятли ўтган каноэчимиз Гулбаҳор Файзиева 200 метр масофага кечадиган баҳсда Олимпиада йўлланмаси учун кураш олиб боради. Регламентга кўра, бу йўналишда фақат биринчи ўринни эгаллаган спортчи Токио-2020 йўлланмасига эга бўлади.

Шунингдек, бугун Иордания пойтахтида таэквондо бўйича Осиё қитъаси учун лицензион турнир старт олади. Бугунги беллашувларда 2 нафар ҳамюртимиз Нигора Турсунқулова (-67 кг) ва Улуғбек Рашитов (-68 кг) баҳс олиб боришади.

Иштирокчи мамлакатлардан келиб тушган талабнома якуни бўйича -67 кг вазн тоифасида фақат 3 нафар иштирокчи рўйхатдан ўтган. Қуръа натижасига кўра Турсунқулова қатарлик Марам Фатнассини мағлуб эта олса, Олимпиада йўлланмасига эга чиқади. Боиси регламентда финалчилар Олимпиада йўлланмаларига эга чиқиши белгиланган. Бу борада Улуғбек Рашитов лицензия учун 3 та жанг ўтказиши керак. Унинг биринчи рақиби мўғилистонлик Нацагдорж Ачитху бўлади.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси учала спортчимизга бўлажак беллашувларда фақат ва фақат омад тилаб қолади. Янги Ўзбекистонга янги ғалабалар!

Text to speech