Ру En O'z
20 Май 2021 2433

Улар Токиога боришади: Олимпия ўйинларида иккинчи бор қатнашадиган Никита Рафалович

Таэквондо бўйича терма жамоамиз аъзоси Никита Рафалович “Улар Токиога боришади” лойиҳамизнинг бугунги қаҳрамонимиз бўлади. Токио-2020 икки карра жаҳон чемпионати финалчиси учун иккинчи Олимпиада бўлади.

Никита Игоревич Рафалович 1993 йил 10 октябрь куни Тошкент шаҳрида туғилган. Таэквондо бўйича Халқаро тоифадаги спорт устаси.

Никита 2000 йилдан Александр Ким қўл остида шуғуллана бошлаган. Ҳозирги мураббийи Максим Рафалович (акаси). 2008 йил ўсмирлар, 2010 йилдан катталар бўйича терма жамоа таркибига кирган.

Таэквондочимизнинг халқаро ареналардаги муваффақияти 2014 йилдан бошланди. Шу йили дастлаб Тошкентда ўтган Осиё чемпионатида бронза, Инчеонда ўтган Осиё ўйинларида эса кумуш медални қўлга киритди.

Терма жамоамиз учун энг муваффақиятли ўтган 2015 йилги жаҳон чемпионатида Никита ҳам ўз ғалабалари билан барчани хурсанд қилган. Ҳамюртимиз Челябинскда ўтган мазкур дунё биринчилигида кумуш медалга сазовор бўлган эди.

2016 йил Филиппинда ўтган Осиё чемпионатида яна бир кумуш медални қўлга киритди. Шундан сўнг ушбу мамлакатда ўтган Рио-2016 лицензион турнирида зафар қучиб, илк бор Олимпия ўйинларига йўлланма олди. Бразилияда эса ҳамюртимиз ўзига улкан тажриба тўплади.

2017 йилги жаҳон чемпионатида Никита яна бир бор финалга етиб келди. Афсуски, бу гал ҳам қилувчи жангда имкониятни бой бериб, кумуш медаль билан тақдирланди.

2018 йил таэквондочимиз Индонезияда ўтган Осиё ўйинларида ғалаба қозониб, делегациямизнинг умумжамоа ҳисобида юқори натижа қайд этишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.

Рақамлар мисолида олиб қарайдиган бўлсак, Никита Рафалович жаҳон чемпионатларида 2 та кумуш, Гран-при турнирларида 3 та бронза, “Катта дубулға”да 1 та бронза, турли қитъавий мусобақаларда 3 та олтин, 2 тадан кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлган. Халқаро таэквондо федерациясининг (WT) 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра эълон қилган рейтинги якуни бўйича Токио-2020 Олимпиадасига йўлланма олган.

Text to speech