Ру En O'z
21 Сентябрь 2023 1411

Ўзбекистон делегацияси Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида иштирок этиш учун Хитойга йўл олди

Бугун Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ханчжоу-2022 XIX Осиё ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон делегациясини тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов иштирок этди.

Тадбирни очиб берган Абдулла Нигматович Осиё ўйинларига тайёргарлик йўлида Президентимиз томонидан барча шароитлар яратиб берилганини таъкидлаб, спортчиларимизга омад тилади. Шундан сўнг Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов ҳам сўз олиб, спортчиларимизга фахрийлар номидан ўзининг илиқ тилакларини йўллади.

Қиличбозлик бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати совриндори, катталар ўртасида Осиё чемпиони Зайнаб Дайибекова эса спортчиларимиз номидан сўзга чиқиб, муросасиз беллашувларда медаллар қўлга киритиш учун бор куч ва шижоатларини ишга солишини билдирди. Тадбир якунида Абдулла Арипов қиличбозимиз Зайнаб Дайибековага Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини топширди.

Шунинг билан, тантанали тадбир ўз якунига етди. Делегация аъзолари давлатимиз томонидан ажратилган махсус “Dream Liner” самолётида чартер рейси билан Ханчжоу томон йўл олди.

Text to speech