Қўқон шаҳрида янги бокс мактаби фойдаланишга топширилди
Бугун ўзбек спортига кўплаб таниқли чарм қўлқоп усталарини етказиб берган Қўқон шаҳрида янги бокс мактаби фойдаланишга топширилди. Тантанали тадбирда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари, мамлакат бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов, Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов, Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Файзулла Қосимов, шунингдек, кўплаб бокс ихлосмандлари иштирок этишди.
Тадбирда сўз олган расмийлар Қўқон шаҳрининг ўзбек боксида тутган ўрни ҳақида алоҳида тўхталиб, бу каби замонавий спорт иншоотлари келажакда янги юлдузларни кашф қилиш ва ёшлар орасида соғлом турмуш тарзи тарғиботини янада кучайтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди. Қайд этиш ўринлики, ушбу спорт мактабининг ишга туширилиши билан сўнгги 5 йил ичида Қўқонда фойдаланишга топширилган спорт марказларининг сони 14 тага етди.
Тадбир сўнггида бокс мактабининг ёш тарбияланувчиларига спорт анжомлари ва эсдалик совғалари топширилди.