Корея Республикаси элчиси кубоги ёш иқтидорларни кашф қилмоқда
Шу кунларда пойтахтимиздаги “Универсал” спорт саройида таэквондонинг WT йўналиши бўйича Корея Республикаси элчиси кубоги бўлиб ўтмоқда. Йигирманчи бор ташкил этилаётган бу йилги беллашувларда юртимизнинг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидан жами 500 нафар ёш спортчи иштирок этмоқда. Бугун мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Хи Санг Ким, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ раиси ўринбосари, мамлакат таэквондо WT ассоциацияси раиси Шерзод Ташматов ва бошқа меҳмонлар иштирок этишди. Унда сўз олган расмийлар сўнгги йиллар Президентимизнинг жисмоний тарбия ва спорт, хусусан, таэквондони ривожлантиришга қаратаётган улкан эътибори сабаб Улуғбек Рашитов каби Олимпиада ва Светлана Осипова сингари жаҳон чемпионати ғолиблари етишиб чиқаётганини алоҳида таъкидлашди.
Мусобақа анъанавий равишда 15-17 ёшли спортчилар ўртасида бўлиб ўтмоқда. Яна бир аҳамиятли томони, шу пайтгача беллашувлар кёроги йўналишида ўтказилган бўлса, бу йилдан пумсэ бўйича ҳам медаллар жамланмаси ўйналмоқда.