Жаҳонга машҳур “Mondo” ва “TaiShan” брендлари "Тошкент-2025" ёшлар Осиё ўйинларининг асосий ҳамкорларига айланиши мумкин
Айни кунларда “Тошкент-2025” IV ёшлар Осиё ўйинлари учун қурилаётган Олимпия шаҳарчасида иш қизғин кетмоқда. Объектлар барпо этилгач, уни энг замонавий спорт инвентарлари билан жиҳозлаш кун тартибидаги асосий масалага айланади. МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда Қўмита раиси ўринбосари Азизжон Камилов бу борада Италиянинг “Mondo” ва Хитойнинг “TaiShan” компанияси мутасаддилари билан учрашишди.
“Mondo” томонидан ширкатнинг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўйича минтақавий менежери Андреа Де Каро ташриф буюрди. Қайд этиш жоиз, ушбу бренд енгил атлетика, шунингдек, волейбол, баскетбол, футзал каби спорт турлари учун қопламалар тайёрлайди. Компания 1976 йилдан бери бир неча Олимпиадаларда стадионларни енгил атлетика баҳслари учун қопламалар билан таъминлаб келади. Бу эса унинг халқаро майдондаги тажрибасидан далолат беради. Жамоавий спорт турларида ҳам бир неча Олимпиадаларда айнан ушбу бренд томонидан тайёрланган қопламаларда энг кучлилар аниқланган.
“TaiShan” компанияси билан учрашув МОҚ раҳбариятининг ўтган ҳафта Хитойга амалга оширган хизмат сафари ва унда Чин ўлкасидаги спорт инфратузилмасини мамлакатимизга татбиқ этиш бўйича келишувларнинг мантиқий давоми бўлди, дейиш мумкин. Компаниянинг ташқи савдо бўйича бош менежери Чжан Веи билан учрашувда бу борада батафсил тўхталиб ўтилди.
“TaiShan” яккакураш турлари бўйича спорт инвентарларини ишлаб чиқариш борасида дунёнинг етакчи компанияларидан саналади. Ушбу бренд 2018 йил Индонезияда ўтган, жорий йил Хитой мезбонлик қиладиган Осиё ўйинлари, Буэнос-Айрес-2018 ўсмирлар Олимпиадаси, 2019 йил Токио шаҳрида ўтган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатида ташкилий қўмитанинг асосий ҳамкори бўлган.
Мутасаддилар Олимпия шаҳарчасининг барча ҳудудини кўздан кечиришди. Ойбек Касимов экскурсия давомида меҳмонларга улкан лойиҳа ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди. Шундан сўнг томонлар кун тартибидаги мавзулар бўйича фикр алмашиб, ҳамкорликнинг кейинги қадамини белгилаб олишди.