“Янги нафас” спортсевар ёшларни бирлаштирди
Бугун юртимиздаги спортсевар ёшлар мамлакатимизнинг 16 шаҳрида “Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз!” шиори остидаги Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 32 йиллигига бағишлаб ўтказилган “Янги нафас” оммавий югуриш марафонида жам бўлишди. Мазкур спорт байрамида ҳар бир ҳудуд ва Қорақалпоғистон Республикаси билан ҳисоблаганда 100 000 нафарга спорт ихлосмандлари тўпланди. Биргина Тошкент шаҳрида “Ҳумо арена” мажмуаси олдида ўтган тадбирда 50 та олий ўқув юртидан 3000 нафарга яқин талаба ёшлар, умумий ҳисобда эса 7 000 нафардан зиёд иштирокчи қатнашди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги хавфсизлик кенгаши котиби, Ўзбекистон триатлон федерацияси раиси Виктор Маҳмудов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов, Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти, мамлакат енгил атлетика федерацияси ва бир қатор мутасадди ташкилотлар раҳбарияти иштирок этди. Расмийлар ўз нутқларида бу каби оммавий спорт байрамлари Президентимиз илгари сураётган ёшлар орасида соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтиришда алоҳида ўрин тутишини таъкидлашди.
Мусобақа дастурига мувофиқ, Тошкентдаги баҳслар 3 ва 10 км масофада ўтказилди. Қолган шаҳарларда эса “Янги нафас” ҳаракатининг рамзий масофаси – 3 км масофада пойгалар ташкил қилинди. 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган иштирокчиларни ўзида жамлаган баҳсларда мамлакатимиздаги 30 та чет эл давлатларининг вакиллари, қолаверса, қўшни Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистондан ташриф буюрган 400 нафар спортчилар ҳам ўз омадини синаб кўрди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорларга ташкилий қўмитанинг эсдалик совғалари топширилди.