Ру En O'z
31 Август 2023 919

Ишчи гуруҳ Чэнду шаҳридаги спорт инфратузилмасини ўрганди

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари Азизжон Камилов, шунингдек, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ айни пайтда Хитой давлатида хизмат сафарида бўлиб тургани ҳақида маълум қилган эдик. Мутасаддилар бугун Чэнду шаҳрига ташриф буюриб, ҳудудда яратилган спорт инфратузилмасини яқиндан ўрганишди.

Хабарингиз бор, Чэнду шаҳри жорий йилнинг 28 июль – 8 август кунлари навбатдаги Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинларига мезбонлик қилди. Шаҳар ва объектлардаги спорт ҳавоси ҳали ҳам сақланиб турибди.

Ишчи гуруҳ даставвал мусобақа учун барпо этилган музейда бўлиб, унда нафақат Универсиада ўйинлари, балки Чэнду шаҳрининг спорт тарихи билан яқиндан танишди. Шаҳарнинг асосий спорт объектлари жойлашган Лунцюаньи мавзеси кейинги манзил бўлди. Ушбу ҳудудда Универсиада ўйинларининг очилиш ва ёпилиш маросимлари ўтказилган “Dong'an Lake” стадиони, шунингдек, “Dong'an Lake Arena” кўп тармоқли мажмуаси ва сув спорти саройига ҳам ташриф буюришди.

Бош стадион футбол, енгил атлетика каби турларга мослашган. “Dong'an Lake Arena” нисбатан универсал бўлиб, қопламалар тўшалишига қараб гимнастика, баскетбол, волейбол, гандбол, футзал ва бошқа кўплаб турларда мусобақаларни қабул қилиши мумкин. Ўз навбатида, “Dong'an Lake Sports Park Aquatics Centre”да сув спорти турлари билан боғлиқ барча мусобақаларни ташкил этиш имконияти мавжуд.

Ўрганиш ишлари давомида маҳаллий менежерлар кўп тармоқли иншоотлардан фойдаланиш бўйича ўз тажрибалари билан баҳам кўришди. Ҳамюртларимиз “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинлари ва бошқа мусобақаларни ташкил этишда бундай тажрибадан фойдаланиш бўйича ўзлари учун керакли йўналишларни белгилаб олишди.

Text to speech