Ру En O'z
26 Август 2023 1115

Ханчжоу-2022: Ўзбекистон делегациясининг таркибини оптималлаштириш масаласи кўриб чиқилди

Хитой мезбонлик қиладиган Осиё ўйинлари стартига 1 ойдан кам вақт қолди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида делегациянинг тайёргарлигига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, федерация ва ассоциациялар масъуллари иштирок этишди.

Тадбирда сўз олган расмийлар мусобақанинг муҳимлик жиҳати ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишди. Хусусан, давлатимиз томонидан тайёргарликнинг барча жабҳалари тўла-тўкис қўллаб-қувватланаётгани, бунга жавобан делегациямиз юқори натижаларни қўлга киритиши лозимлиги таъкидланди. Йиғилиш давомида асосий эътибор ҳар бир терма жамоа таркибидаги спортчи ва мураббийлар, шифокорлар рўйхатини қайта кўриб чиқишга қаратилди ва бу борада масъуллар билан алоҳида гаплашиб чиқилди.

Шунингдек, терма жамоаларнинг тайёргарлик режалари, Хитой томонидан иштирокчи жамоаларга қўйилаётган талаблар ҳам муҳокама қилинди. Ташкилий қўмита томонидан спорт турларига қўйилган шартлар инобатга олинган ҳолда режа тузиш муҳимлиги таъкидланиб, бундай талабларга жавоб бермайдиган жамоалар Ўйинлардан четлатилиши мумкинлиги огоҳлантирилди. Шундан келиб чиққан ҳолда ҳар бир масъулга тайёргарлик жараёнига янада катта аҳамият қаратилиши лозимлиги таъкидланди.

Осиё ўйинлари олдидан кўплаб спорт турлари бўйича жаҳон чемпионатлари бўлиб ўтади. Бунда ҳар бир терма жамоанинг Ханчжоу шаҳридаги Атлетлар шаҳарчасига кириб бориш муддати, логистика масалалари атрофлича ўрганиб чиқилди. Суҳбат давомида расмийлар томонидан бу йўналишга катта аҳамият қаратиш лозимлиги, авиачипталар ва бошқа тўловларни амалга ошириб улгурмаган федерацияларга масалани ҳал қилиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Text to speech