Ру En O'z
18 Май 2021 2264

Енгил атлетика федерациясининг ошхонасида аянчли ҳолат

МОҚ раҳбариятининг Токио-2020 Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган федерация ва ассоциациялар базаларига уюштираётган ташрифи давом этади. Шу кунларда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов Ўзбекистон енгил атлетика федерациясида бўлди.

МОҚ раҳбари кутилмаганда ўз йўналишини стадион томон эмас, базадаги ошхона тарафга ўзгартириб юборди. Таассуфки, у ердаги муҳит ҳар қандай инсоннинг меъдасига тегар эди. Тартибсизлик ошхонадаги энг арзимас деталь бўлиб, ичкарида бир-биридан хунук ҳолатларни учратиш мумкин. Газ плитасининг устидаги ҳаво ҳайдаш тизимига ёпишиб кетган ёғ доғларидан ошхонанинг неча йиллик “тарих”га эга эканига гувоҳ бўласиз. Музлатгичда сақланаётган гўшт ва истеъмолга яроқсиз помидорларнинг туриши бошқа маҳсулотларнинг ҳам сифатига салбий таъсир ўтказиши табиий. Бунинг натижасида Олимпия ўйинларидек нуфузли мусобақага тайёрланаётган атлетларимизда ошқозон-ичак касалликлари пайдо бўлиши ҳеч гап эмас.

 

Ушбу ошхонада енгил атлетика бўйича асосий терма жамоамиздан ташқари мазкур спорт тури бўйича республика Олий спорт маҳорати мактаби ходимлари ва мураббийлари ҳам тамадди қилишади. Аянчли ҳолатдан кейин МОҚ раиси зудлик билан федерация мутасаддиларига вазиятни қисқа фурсат ичида яхшилаш, базага Санитар-эпидемиологик марказдан махсус гуруҳни чақириб, ҳолат юзасидан чуқур таҳлилий ўрганишларни ташкил қилиш бўйича кўрсатма берди.

Шундан сўнг вазият юзасидан МОҚ анжуманлар залида тезкор йиғилиш ўтказилди. Унда Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг ўринбосари Шерзод Ташматов, Абдушукур Садиков бошчилигида РСТИАМ мутасаддилари иштирок этишди. МОҚ раҳбарияти федерациялардаги бундай ҳолатдан узил-кесил қониқмаслиги айтиб, вазиятга кескин танқидий муносабат билдирди. Базалардаги санитар-эпидемиологик ҳолатни назоратга олиш, қисқа фурсат ичида барча камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли мутасаддиларга топшириқлар берди.

Text to speech