Ру En O'z
16 Август 2023 1785

II МДҲ ўйинларининг қаҳрамонлари тантанали кутиб олинди

Тунда Беларусь Республикаси мезбонлик қилган II МДҲ ўйинларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган Ўзбекистон делегацияси Ватанимизга қайтиб келди. Музаффар спортчиларимиз дастлаб Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Шундан сўнг делегациянинг барча аъзолари махсус ажратилган автобусларда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси томон йўл олишди. Тадбирнинг асосий қисми Қўмита майдонида ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, мамлакат бокс федерацияси раиси Ачилбай Раматов, Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов ва унинг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, катта спорт жамоатчилиги, ёш атлетларимизнинг ота-оналари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди. Расмийлар тадбирни очиб беришар экан, Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар сабаб ўзбек спортида кучли авлод етишиб чиқаётгани, бугун улар қўлга киритган муваффақият мамлакатимиз спортининг эртаси ишончли қўлларда эканидан дарак бераётганини таъкидлашди.

Ўз навбатида, ёш спортчиларимиз ҳам давлатимиз томонидан уларга яратиб берилаётган шароитлар сабаб мана шундай муваффақиятларга эришаётганлари, келгусида бунданда катта марраларни забт этиш, юртимиз байроғини янада юқорига кўтариш учун бор куч ва ғайратларини ишга солишларини билдиришди.

Эсдатиб ўтамиз, МДҲ минтақасидан ташқари яна 13 та мамлакат вакиллари иштирокида кечган муросасиз беллашувларда Ўзбекистон делегацияси 28 та олтин, 25 та кумуш ва 53 та бронза, жами 106 та медаль билан умумжамоа ҳисобида Россия ва Беларусь мамлакатларидан сўнг учинчи ўринни қўлга киритди. Шунингдек, умумий ва олтин медаллар сони бўйича МДҲ ўйинларида аввалги рекорд янгиланди.

Мазкур натижа ёш спортчиларимиздан келажакда ҳам юқори натижалар кутиш мумкинлигини кўрсатди. Унда иштирок этган спортчиларимизнинг аксарияти "Тошкент-2025" ёшлар Осиё ўйинларида қатнаша оладиган ёш тоифаси вакиллари бўлиб, ушбу МДҲ ўйинлари улар учун дастлабки синов бўлди.

Text to speech