Ру En O'z
10 Август 2023 1274

Оммавий спорт ихлосмандлари учун яна бир байрам яқин

3 сентябрь куни мамлакатимизнинг 16 та шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтади. Бугун Ўзбекистон енгил атлетика федерациясида мазкур тадбирга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Унда федерация мутасаддилари ва ташкилий қўмита аъзолари ОАВ ходимларига бўлажак мусобақа ҳақида атрофлича маълумот беришди.

Мазкур оммавий югуриш мусобақаси Тошкент, Нурафшон, Гулистон, Андижон, Наманган, Фарғона, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Қоровулбозор, Термиз, Қарши, Ғузор, Хива ва Нукус шаҳарларида бўлиб ўтади. Пойтахтимизда иштирокчилар 3 ва 10 км масофаларга югуришса, қолган ҳудудларда фақат 3 км масофадаги баҳслар ташкил қилинади. Анъанага мувофиқ, бу галги тадбир ҳам “Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз!” шиори остида ўтказилади.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бу йилги баҳсларга Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон каби қўшни мамлакатлардан ҳам спортчилар таклиф этилган. Ҳисоб-китобларга кўра, пойтахтимизда 5500, қолган ҳар бир шаҳарда камида 2000 нафар иштирокчи бўлажак пойгада қатнашиши кутилмоқда. Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси ҳамда “O‘zbekneftgaz” АЖ ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур лойиҳа аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга ҳисса қўшади.

Тошкент шаҳрида ўтказиладиган пойгаларда иштирок этишни истаган кўнгиллилар “Iticket.uz” платформаси орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин. 3 км масофадаги пойгада 9, 10 кмга кечадиган беллашувларда эса 14 ёшдан катта бўлган барча қатнаша олади. Пойгалар 3 сентябрь куни соат 06:30 да 16 шаҳарда старт олади.

Анжуман давомида яқинлашиб келаётган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг тайёргарлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Федерация Бош котиби Камолиддин Рўзимуҳаммедовга кўра, барча атлетларимиз бўлажак дунё биринчилигига қизғин ҳозирлик кўришмоқда. Жумладан, Сафина Садуллаевага украиналик янги мураббий бириктирилган бўлиб, Будапешт турнири ҳамюртимизнинг хорижлик тренер қўл остидаги илк стартига айланади.

Text to speech