Ру En O'z
10 Август 2023 1453

Велоспортчиларимизнинг жаҳон чемпионатидаги иштирокига назар ташлаймиз

Маълум қилганимиздек, айни кунларда Шотландиянинг Глазго шаҳрида велоспортнинг шоссе ва трек йўналишлари бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда. 9 август куни трек усталари ўз чиқишларини якунлашди.

Мазкур йўналишда Маргарита Мисюрина ҳамда Нафосат Козиева юртимиз шарафини ҳимоя қилишди. Козиева очколар пойгасида 14, “elimination” дастурида эса 18-натижани қайд этди. Ҳар икки спортчимиз жуфтликда мэдисон дастурида медаллар учун кураш олиб боришди. Бироқ беллашув давомида омадсизлик сабаб финишга етиб кела олишмади.

Шотландия трассалари бўйлаб кетаётган шосседаги пойгалар ҳам қизғин тус олмоқда. Дмитрий Бочаров, Алексей Фомовский, Муроджон Холмуродов, София Каримова, Янина Кускова ҳамда Ольга Забелинская аралаш жамоавий дастурда қатнашдилар. Мазкур йўналишда спортчиларимиз 13-натижани қайд этишди.

Эркаклар ўртасида 271.1 км масофага кечган гуруҳ пойгаси баҳси спортчиларнинг иродасини яна бир бор синаб берди. Унда 195 нафар атлет стартга чиқди. 6 соатдан ошиқ давом этган пойгада 51 нафар иштирокчигина финишга етиб кела олди. Афсуски, Муроджон Холмуродов пойга давомида курашдан чиқди.

13 август куни кечадиган аёллар ўртасидаги гуруҳ пойгасида Ольга Забелинская ва бошқа вакилларимиз ҳам иштирок этиши кутилмоқда. Ҳамюртларимиз 154.1 км масофага мўлжалланган ушбу пойгада медаллар қатори Париж-2024 Олимпиадаси йўлланмаси учун стартга чиқишади.

Text to speech