Ру En O'z
8 Август 2023 1342

60 ёшни қарши олган Пўлат Усмоновга МОҚнинг эсдалик медали тақдим қилинди

Таниқли мутахассис, Ўзбек жанг санъати федерацияси раиси Пўлат Усмонов 60 ёшни қарши олди. Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Пўлат Акрамовични тақдирлашга бағишланган тадбир ўтказилди. Унда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, бир гуруҳ спорт фидойилари, юбилярнинг шогирдлари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Даставвал Ойбек Омилович ҳамда Шерзод Рихсибаевич сўз олиб, П.Усмоновнинг узоқ йиллардан бери юртимиз спорти ривожига қўшиб келаётган ҳиссаси, хусусан, Ўзбекистон таэквондо ITF ва Ўзбек жанг санъати федерацияларидаги кўп йиллик фаолияти ҳақида тўхталиб ўтишди. Айниқса, миллий спорт турларимизни тиклаш ва уларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилишдаги жонбозлиги ҳақида алоҳида гапиришди. Шундан сўнг анъанага мувофиқ, Пўлат Акрамовичга МОҚнинг эсдалик медали топширилди.

Тадбир давомида Кенгаш раиси Баҳодир Махситов, Касаба уюшмалари федерацияси масъули Баҳодир Таджиев, Миллий Паралимпия қўмитаси вакиллари ҳамда юбилярнинг шогирдлари ҳам сўзга чиқиб, Пўлат Усмоновга ўзларининг самимий дил-изҳорлари йўллашди. Кўрсатилган бундай эътибор ва ғамхўрликдан мамнун бўлган П.Усмонов бундан кейин ҳам ёшларимиз орасида миллий спорт турлари ва соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтириш йўлида бор куч-ғайратини ишга солишга ваъда берди.

Text to speech