Ру En O'z
7 Август 2023 970

IIHF билан ҳамкорлик янги даражага чиқмоқда

Тошкентда ўтказилган “Осиёлик ёш хоккейчилар учун ўқув-машғулот йиғини” лойиҳасидан сўнг Халқаро муз устида хоккей федерацияси (IIHF) ва Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш мавзусига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Унда IIHF вице-президенти Айваз Омарканов, МОҚ раиси ўринбосарлари Равшан Ирматов ва Шерзод Ташматов мавзуга доир истиқболли режаларни муҳокама қилишди.

Мазкур учрашувда Ўзбекистон хоккей федерацияси Ижрочи директори Элбек Маҳмудов ҳам иштирок этди. Айваз Омарканов 7 кунлик халқаро йиғин юқори савияда ўтказилгани учун мамлакатимиз ҳукумати ва ташкилий қўмита аъзоларига миннатдорчилик билдирди. Хусусан, у ўз нутқи давомида Ўзбекистон келгусида нафақат бу каби йиғинлар, балки халқаро миқёсдаги мусобақалар, турли ёш тоифаларидаги қитъа биринчиликларини ҳам аъло даражада ўтказиши мумкинлигини қўшимча қилди.

МОҚ мутасаддилари мамлакатимизда нафақат ёзги, балки қишки спорт турларини ҳам ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталиб, пойтахт ва турли вилоятларда бунинг учун катта инфратузилма яратилаётгани ҳақида гапириб ўтишди. Шунингдек, Тошкентнинг турли ёшдаги Осиё чемпионатларини ўтказиш учун имконияти етарли экани, бу каби мусобақалар юртимизда қишки спорт турлари, хусусан, хоккейни янада кенг тарғиб қилишга катта ёрдам беришини таъкидлашди.

Суҳбат давомида томонлар ташкилотлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, келгусида бу каби янги йирик лойиҳаларни ўтказиш каби мавзуларда фикр алмашишди.

Text to speech