Ру En O'z
6 Август 2023 2671

12 йиллик тарих янгиланди: Ўзбек дзюдочиси яна “Мастерс” турнирининг ғолибига айланди

Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Венгрия мезбонлик қилаётган “Мастерс” турниридаги иштирокини якунлади. Унда Музаффарбек Тўрабоев -100 кг вазн тоифасида ғалаба қозониб, ўзбек дзюдоси учун 12 йил кутилган олтин медални тақдим қилди.

Мусобақани икки карра Олимпиада ва жаҳон чемпиони Лукаш Крпалек устидан қозонилган ғалаба билан бошлаган Тўрабоев чемпионлик йўлида Шейди Элнахас (Канада), Михаэль Коррел (Нидерландия), Боян Досен (Сербия) ва Петер Палтчик (Исроил) каби спортчиларни доғда қолдирди. Шунингдек, бугун -90 кг вазн тоифасида иштирок этган Давлат Бобонов бронза медалига сазовор бўлди. Ушбу муваффақият эвазига Тўрабоев 1800, Бобонов 900 рейтинг очкосига эга бўлмоқда.

Қайд этиш жоиз, йилда бир бора ўтказиладиган “Мастерс” мусобақасида ҳамюртларимиздан сўнгги бор Ришод Собиров 2011 йил ғалаба қозонган. Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси бу йилги турнирни 1 та олтин ва 2 та бронза медаллари билан якунламоқда. Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг биринчи кунида Диёра Келдиёрова -52 кг вазн тоифасида шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олган эди.

Text to speech