Ру En O'z
16 Май 2021 2144

МОҚ раҳбарияти мусобақадан сўнг енгил атлетикачиларимиз билан учрашди

Хабар берганимиздек, кеча пойтахтимизда енгил атлетика бўйича халқаро хотира турнири бўлиб ўтди. Мазкур мусобақадан сўнг МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов спортчиларимиз билан учрашишди. Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси базасида ўтган суҳбатда федерация раиси Андрей Абдувалиев, уч ҳатлаб сакраш устаси Руслан Курбанов ҳамда узунликка сакровчи Жавоҳир Нориев иштирок этишди.

Суҳбат давомида МОҚ раҳбарияти Олимпия ўйинлари лицензияларига даъвогарлик қилаётган спортчиларимизнинг ҳолати, кайфияти, оилавий шароитлари билан яқиндан танишди, уларнинг ижтимоий шароити, мақсадлари ҳақида суҳбатлашишди.

Таъкидлаш жоиз, ҳар икки атлетимиз ҳам анча юқори бўлган Токио-2020 нормативларини ҳозирча бажаришгани йўқ. Бироқ унга жуда яқин келишгани боис, уларнинг рейтинг орқали лицензион ҳудудга кириш эҳтимоли баланд. Мутасаддилар Олимпиада цикли якунлангунча қайси мусобақаларда иштирок этишлари, тайёргарлик режалари хусусида батафсил гаплашишди. Якунда МОҚ раҳбарияти ҳукуматимиз томонидан атлетларимизнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганларини айтиб, уларнинг келгуси фаолиятида омад тилаб қолишди.

Text to speech