Минтақадаги дўстона алоқалар янада мустаҳкамланмоқда
Беларусь-2023 II МДҲ ўйинлари давомида бугун делегациялар раҳбарлари иштирокида бир қатор расмий учрашувлар ташкил этилди. Уларнинг доирасида Ўзбекистон делегацияси раҳбари, Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов, Ўзбекистон МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳам иштирок этишмоқда.
Бугун Россия Федерацияси Спорт вазири Олег Матицин, Беларусь Олимпия қўмитаси президенти Виктор Лукашенко, мамлакат Спорт ва туризм вазири Сергей Ковальчук билан минтақада жисмоний тарбия ва спорт, Олимпизм тарғиботини кучайтириш каби мавзуларда учрашувлар ўтказилди.
Виктор Лукашенко Тошкентга амалга оширган ташрифини илиқ таассуротлар билан ёд олар экан, Беларусь ва Ўзбекистоннинг спорт соҳасидаги алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Мутасаддилар МДҲ ўйинларидан ташқари йирик спорт тадбирларига тайёргарлик кўришда халқаро ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш, илм-фан соҳасидаги ютуқларни баҳам кўриш, Олимпизмнинг пок ва эзгу қадриятларини тарғиб этиш каби ғоялар ҳақида фикр алмашишди.
Дастурга мувофиқ, делегация раҳбарлари оммавий ахборот воситалари билан учрашувда ҳам иштирок этишиб, журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб беришди. Шунингдек, расмийлар кун давомида бир қатор спорт турларидаги баҳсларни бевосита аренадан биргаликда томоша қилишди.