Ру En O'z
16 Май 2021 2586

“Улар Токиога боришади”: “Harvard”нинг собиқ мураббийи, икки карра ЖЧ совриндори Бекзод Абдураҳмонов

Сизларни Токио-2020 Олимпия ўйинларида иштирок этадиган атлетларимиз билан яқиндан таништиришда давом этамиз. Лойиҳамизнинг бугунги қаҳрамони эркин кураш бўйича терма жамоамиз вакили Бекзод Абдураҳмонов бўлади.

Бекзод Абдураҳмонов 1990 йил 15 март куни Тошкент шаҳрида туғилган. Эркин курашга 2 акаларига қизиқиб кириб келган. Абдураҳмонов бошқа атлетларимиздан фарқли равишда ушбу спорт сирларини асосан АҚШда ўрганган. Пенсилвания штатида жойлашган “Clarion University”да таҳсил олиб, штатлараро ўтадиган эркин кураш турнирларида иштирок этган. Университетни битиргач жаҳонга машҳур “Harvard” университетида иш бошлади. Ҳамюртимиз ушбу университетга қарашли эркин кураш тўгарагида олийгоҳнинг талаба ва ўқувчиларига маълум муддат мураббийлик қилган. Ўз олдига улкан мақсадларни қўйган курашчимиз кейинчалик терма жамоамиз шарафини ҳимоя қилиш учун мазкур университетдаги фаолиятини якунлади.

Курашчимиз ММАда маълум муддат иштирок этган. Бугунгача унинг ҳисобида 7 жанг бўлиб, барчасида ғалаба қозонган.

2014 йилдан эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг асосий таркибидан жой олиб, йирик мусобақаларда иштирок этиб келмоқда. Бекзод Абдураҳмонов мазкур йил Тошкентда ўтган жаҳон чемпионатида бронза, Инчеонда ўтган Осиё ўйинларида олтин медални қўлга киритди.

2015 йил Қатарда ўтган Осиё чемпионати ва Озарбайжондаги “Голден Гран-при” турнирларида зафар қучди.

Ю

2016 йил жаҳон миқёсида ўтган Рио-2016 лицензион турнирида зафар қучиб, Олимпия ўйинларига йўлланма олди. Рио-де-Жанейрода ўтган Олимпиадада эса бронза медали учун курашиш босқичигача етиб келди.

2017 йил Ҳиндистонда ўтган Осиё чемпионати ҳамда Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларида олтин, Озарбайжондаги Ислом бирдамлиги мусобақасида бронза медалларига сазовор бўлди.

Абдураҳмонов 2018 йил Индонезияда ўтган Осиё ўйинларида яна бир бор тенгсиз эканлигини исботлади. Шунингдек, мазкур йил Венгрияда ўтган жаҳон чемпионатида иккинчи бронза медалини қўлга киритди.

Жорий йил Қозоғистонда ўтган лицензион турнир орқали Токио-2020 Олимпиадасига йўлланма олган.

Кўрсатган натижалари эвазига ҳукуматимиз томонидан “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

Text to speech