Ру En O'z
2 Август 2023 1306

Фукуока-2023 Хитой учун ўз тарихидаги энг яхши, АҚШга эса аксинча, энг ёмон мусобақага айланди

14-30 июль кунлари Япониянинг Фукуока шаҳрида сув спорти турлари бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Мусобақа мазкур йўналишда дунёнинг энг кучли жамоаси деб эътироф этиладиган АҚШ термаси учун тарихдаги энг ёмон натижа сифатида ёдда қолди. Хитой термаси эса аксинча, медаллар жамғариш бўйича катта рақамлар билан “тахт”га чиқди.

Хитой ўз тарихида илк бор мусобақани 20 та олтин медаль билан тугатди. Қитъадошларимиз ҳисобида яна 8 та кумуш ва 12 та бронза медаллари ҳам мавжуд. Шубҳасиз, бу умумжамоа ҳисобидаги энг яхши кўрсаткич. Чин ўлкаси вакиллари шу пайтгача баъзи дунё биринчилигида бир неча бор умумжамоа ҳисобида пешқадамлик қилган бўлса ҳам, ҳеч қачон олтин медаллар сони 20 тага етмаган. Яна саноқли кунлардан сўнг Хитой ўзида Осиё ўйинларини қабул қилади. Жаҳон чемпионатида шунчалик шов-шув кўтарган жамоа ўз уйидаги “қитъа Олимпиадаси”да нималар қилиши кутилаётганини тасаввур қилаверинг.

Умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллаган Австралия ҳам катта ўсишга эришди. “Яшил қитъа” вакиллари 15 та олтин, 9 та кумуш ва 6 та бронза билан хитойликлардан сўнг иккинчи бўлишди. Шу пайтгача бир жаҳон чемпионатида кўпи билан 6 та олтин медаль олган жамоа кескин бурилиш билан бу рақамларни 15 тага ошириб юборди. Қолаверса, мусобақа давомида ўрнатилган 10 та жаҳон рекордининг тенг ярми австралиялик сузувчилар улушига тўғри келади.

Америкалик спортчилар мусобақа давомида атиги 7 та олтин медаль қўлга кирита олишди холос. Аслида бу рақам кўплаб жамоалар учун орзу ҳисобланади. Бироқ ҳар мундиал ва Олимпия ўйинларида ушбу йўналиш эвазига салмоқли натижа қайд этадиган давлат учун бу ёмон натижа. АҚШ тарихда фақатгина 1994 йилги дунё биринчилигида 7 та олтин медаль олган. Ўша даврларда медаллар ўйналадиган дастурлар анча кам бўлгани (45 та), Фукуокада 75 та медаллар жамланмаси ўйналганини инобатга олсак, бу йилги натижани энг ёмони дейиш мумкин. Шунингдек, терма жамоа 22 та кумуш ва 15 та бронза медалларини ҳам қўлга киритган. Бу умумжамоа ҳисобида учинчи натижа.

Эслатиб ўтамиз, ушбу жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси синхрон сузиш ва очиқ денгизда сузиш дастурларида иштирок этди. Ёш юртдошларимиз совриндорлар қаторидан жой олишолмаган бўлсалар ҳам, келгусидаги фаолиятлари учун катта тажриба тўплашди.

Text to speech