Эко-паркда “Laser Run” турнири
Пойтахтимизда жойлашган З.М.Бобур номидаги эко-паркда катта оммавий спорт мусобақаси бўлиб ўтди. Унда юзлаб ҳаваскор ва профессионал спортчилар Laser Run турнирида баҳс олиб боришди.
Эрта тонгда старт олган мусобақа кун ярмигача давом этди. Ушбу вақт мобайнида бир қатор ёш тоифаларида ғолиб ва совриндорлар аниқлаб олинди. Мусобақанинг тақдирлаш маросимида сўз олган расмийлар бу каби мусобақаларнинг ўтказилиши юртимизда оммавий спорт тарғиботи йўлида муҳим аҳамият касб этиши, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишда ас қотишини таъкидлашди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, МОҚ, Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси мутасаддилари иштирок этишди.
Маълумот учун, Laser Run бу белгиланган масофага югуриб келган ҳолда лазерли тўппончадан ўқ отишдир. У замонавий бешкураш спортига кирган йўналиш ҳисобланади. Мусобақа Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси томонидан ташкил этилиб, якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.