Ру En O'z
1 Август 2023 1158

Юртимизда хоккей бўйича илк бор ўтказилаётган халқаро йиғинга старт берилди

Маълум қилганимиздек, бугун Тошкентда “Осиёлик ёш хоккейчилар учун ўқув-машғулот йиғини” бошланди. “Ҳумо арена” муз саройида мамлакатимизда биринчи бор ташкил этилаётган ушбу катта дастурнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Халқаро муз устида хоккей федерацияси (IIHF) вице-президенти Айваз Омарканов, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Осиё Олимпия кенгаши масъул вакили Тони Тарраф, Ўзбекистон хоккей федерацияси раҳбарияти иштирок этди.

Тадбирда сўз олган расмийлар иштирокчи давлатларга ўзларининг самимий тилакларини йўллаб, Тошкентда олган билимлари келажакда етук хоккейчи бўлиб улғайишлари учун ас қотиши, улар учун тадбир давомида барча шароитлар яратиб берилиши ҳақида тўхталишди. Шунингдек, Айваз Омарканов Ўзбекистон ҳукумати ва ташкилий қўмита аъзоларига йиғин юқори савияда йўлга қўйилгани учун IIHF номидан миннатдорчилик билдирди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур лойиҳада қитъамизнинг 30 дан ортиқ мамлакатидан ташриф буюрган 100 нафардан зиёд ёш хоккейчилар қатнашмоқда. 7 августга қадар давом этадиган машғулотларда уларга ҳар бир амплуа бўйича IIHF томонидан жалб этилган экспертлар сабоқ беришади.

Text to speech