Халқаро муз устида хоккей федерацияси раҳбарияти билан янги режалар кўриб чиқилди
Бугун пойтахтимизда Халқаро муз устида хоккей (IIHF) федерацияси, Осиё Олимпия кенгаши (ООК) ҳамда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда “Осиёлик ёш хоккейчилар учун ўқув-машғулот йиғини” дастурига старт берилади. Мазкур йиғинни кузатиб бориш учун IIHF вице-президенти Айваз Омарканов ҳам Тошкентга етиб келган. Бугун мартабали меҳмон Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов билан хоккейнинг мамлакатимиздаги ривожини янги босқичга олиб чиқиш каби истиқболли мавзуларни муҳокама қилди.
Учрашувда Ўзбекистон хоккей федерацияси Ижрочи директори Элбек Маҳмудов, Осиё Олимпия кенгаши расмийлари Тони Тарраф ҳамда Виссам Тркмани ҳам иштирок этишди. Вазир даставвал мамлакатимизда соғлом турмуш тарзи ва Олимпия ҳаракати, хусусан, қишки спорт турларини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида батафсил гапирар экан, сўнгги йилларда пойтахтимизда қад ростлаган “Ҳумо арена” ва "Алпомиш" муз саройлари, вилоятларда яратилаётган инфратузилма ҳақида тўхталиб ўтди. Ўз навбатида, Ойбек Касимов хоккей бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг Осиё чемпионатидаги ғалабаси, “Ҳумо” хоккей клубининг халқаро майдондаги иштироки ҳақида маълумот берди.
Айваз Омарканов юртимиздаги бундай ўзгаришлар, хоккейга бўлган муносабатдан мамнун эканини билдирди. Қолаверса, бугун бошланган халқаро ўқув-машғулот йиғинининг юқори савияда ташкил этилгани, келгусида яна кўплаб халқаро тадбирлар мезбонлигини Ўзбекистонга топшириш учун ишонч пайдо бўлганини қўшимча қилди. Суҳбат давомида томонлар мамлакатимизда қишки спорт турлари ва Олимпия ҳаракатини янада ривожлантиришнинг янги босқичларига оид қатор режаларни муҳокама қилишди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қишки спорт турлари бўйича бу каби лойиҳа мамлакатимизда биринчи бор ўтказилмоқда. Унда 30 дан ортиқ мамлакатдан 100 нафардан зиёд ёш хоккейчилар иштирок этишмоқда. Маълумот учун, ООК билан ҳамкорликда ўтган йили ноябрь ойида Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари иштирокида 5 спорт турида мураббий ва ҳакамлар учун семинар ташкил этилган эди.