75 ёшни қарши олган Баҳодир Махситовга муносиб эҳтиром кўрсатилди
Кеча Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов қутлуғ 75 ёшни қарши олгани ҳақида хабар берган эдик. Бугун Адҳам Икрамов бошчилигидаги Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги мутасаддилари, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раисининг ўринбосарлари Равшан Ирматов ва Шерзод Ташматов, Миллий Паралимпия қўмитаси раҳбарияти, спорт фахрийлари, Б.Махситовнинг яқинлари Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида таниқли давлат арбобини ушбу айём билан қутлаш учун жам бўлишди.
Тадбир аввалида Баҳодир Махситовичнинг фаолияти давомида турли соҳаларда юртимиз равнақи йўлидаги узоқ йиллик самарали ишлари, спортимиз ривожига қўшган ҳиссаси ёд олинди. Мустақил Ўзбекистон делегацияси ўзининг илк ёзги ва қишки Олимпия ўйинларидаги иштироки айнан Баҳодир Махситовичнинг спорт соҳасини ривожлантиришга масъул этиб тайинланган даврига тўғри келган. Бу орада Лиллехаммер-1994 қишки, Атланта-1996 ёзги Олимпия ўйинларида жонажон Ўзбекистонимиз ўзининг Олимпиадалардаги илк медалларини қўлга киритди. Шунингдек, мамлакатимизда Олимпизм ҳаракатига тамал тоши қўйилишида ҳам бевосита Б.Махситовнинг хизматларини алоҳида эътироф этиш мумкин.
Бугун тадбирда сўз олган расмийлар у кишининг бошқа хизматларини ҳам алоҳида эътироф этишди. Хусусан, 2020 йилнинг декабрь ойидан бери Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси сифатида фаолият олиб бораётгани, спортимиз фидойиларининг ҳолидан хабар олиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёш спортчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга ошираётган ишларини алоҳида таъкидлашди. Тадбир давомида Адҳам Икрамов кун қаҳрамонига вазирликнинг эсдалик совғаларини топширди. Ойбек Касимов эса анъанага мувофиқ, юбилей ёшни қарши олаётган спорт фахрийларига аталган МОҚнинг эсдалик медалини тантанали равишда тақиб қўйди.
Б.Махситов фаолияти давомида спорт соҳасида ҳозирда турли лавозимларда ишлаётган мутасаддиларга устозлик қилган. Тадбирда Ўзбекистон футбол ассоциацияси, “Пахтакор” футбол клуби, Касаба уюшмалари федерацияси, Миллий Паралимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти, Ўзбекистон самбо ассоциацияси, Бутунжаҳон белбоғли кураш федерацияси ва бошқа кўплаб ташкилотлар эсдалик совғаларини тақдим қилишди. Спортимиз фахрийлари сўз олиб, кенгаш раисига ўзларининг илиқ тилакларини йўллашди.
Ўз навбатида, Баҳодир Махситович кўрсатилган бундай эътибор ва эҳтиромдан боши кўкка етгани, келгусида ҳам мамлакатимиз спорти ривожи учун қўлидан келган барча ёрдамни кўрсатишга тайёр эканини билдирди.