Мустақил Ўзбекистонга ёзги Олимпия ўйинларида илк медални тақдим қилган Армен Багдасаровни табриклаймиз!
Бугун мустақил Ўзбекистоннинг ёзги Олимпиадалардаги биринчи совриндори, дзюдо устаси Армен Багдасаров таваллуд айёмини нишонламоқда.
Армен Юрьевич Багдасаров 1972 йил 31 июль куни Тошкентда туғилган. Дзюдо бўйича Атланта-1996 ёзги Олимпия ўйинларининг кумуш медали соҳиби. Эътиборлиси, айнан ушбу медаль мустақил Ўзбекистоннинг ёзги Олимпия ўйинларида қўлга киритган илк ютуғи ҳисобланади. Армен Юрьевич кўп йиллар давомида Ўзбекистон дзюдо федерацияси раҳбариятида самарали меҳнат қилган. Ҳозирда Халқаро дзюдо федерациясида Ҳакамлар ҳайъати директори лавозимида фаолият олиб бормоқда. “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи", “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози" фахрий унвонлари ҳамда “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Армен Юрьевични туғилган куни билан табриклаб, унга узоқ умр, сиҳат-саломатлик ва улкан муваффақиятлар тилаб қолади.