Тошкентда теннис мураббийлари учун халқаро семинар якунланди
19 июль куни пойтахтимизда теннис мураббийлари учун бошланган халқаро семинар ўз поёнига етди. “Олимпия бирдамлиги” дастури асосида Халқаро теннис федерацияси ва Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Ироқ давлатлари, шунингдек, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 16 нафар мураббий ўз малакаларини янада оширишди.
Дарслар Республика Олимпия захиралари теннис мактабида ташкил этилди. Унда халқаро федерация томонидан жалб этилган экспертлар Сейдемир Борғеи (Эрон), Краут Питер (Филпипин) ва Игорь Шелякин (Ўзбекистон) назарий ҳамда амалий дарсларни ўтказишди. Ўқув жараёни ёш теннисчилар билан ишлашнинг замонавий методикалари, уларнинг техник қобилаятларини ошириш, профессионал спортга тайёрлаш каби мавзуларни ўз ичига олди.
Қайд этиш жоиз, Сейдемир Борғеи иккинчи бор мамлакатимизда ташкил этилган бундай дастурда иштирок этди. Эронлик мутахассис бундан аввал 2016 йил ҳам мана шундай семинарда қатнашган. Тадбир якунида дарсларда муваффақиятли иштирок этган мураббийларга халқаро федерациянинг махсус сертификатлари тақдим қилинди.