Чэнду-2021: Ўзбекистон делегацияси биринчи кундаёқ дастлабки медалини қўлга киритди
Хитойнинг Чэнду шаҳрида XXXI бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинлари старт олди. 119 мамлакатдан 5100 нафардан зиёд талаба спортчилар иштирок этаётган мазкур мусобақада Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашиши ҳақида маълум қилган эдик. Ҳамюртларимиз бўлажак баҳсларда 7 спорт турида медаллар учун кураш олиб боришади.
Чэнду шаҳридаги Атлетлар шаҳарчасида Ўзбекистон делегацияси учун ташкил этилган штабда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов ҳамюртларимиз билан учрашди. Шаҳрулло Шарипович суҳбат давомида мураббий ва делегация расмийларидан спортчиларимизнинг тайёргарлиги, шаҳарчада яратилган шароит ва қулайликлар ҳақида гаплашди.
Спортчиларимиз бугундан беллашувларга киришишди. Эътиборлиси, дзюдо беллашувларида -60 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган Камолиддин Бахтиёров бронза медалини қўлга киритиб, ушбу Универсиадада делегациямизнинг дастлабки медалига муаллифлик қилди. Афсуски, Абдураҳим Нутфиллоев (-66 кг) ва Гулҳаё Жўраева (-52 кг) бронза медали учун кечган беллашувларда имкониятни бой бериб қўйишди.
Шунингдек, кун давомида ушучиларимиздан Дарья Латишева нандао дастурида еттинчи натижани қайд этган бўлса, Азиз Қаҳрамонов чангкуан йўналишида ўн иккинчи натижани кўрсатди. Теннисчиларимиз Насиба Эсполова австралиялик Александра Вейрни 6:4, 6:3, Омина Валихонова эса замбиялик Куин Сакалани 6:1, 6:0 ҳисобларида мағлуб этиб, биринчи даврани муваффақиятли якунлашди.