Тиббиёт маркази замонавий қиёфа очмоқда
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази (РСТИАМ) фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг имкониятларини ошириш бўйича қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Бугун Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари Шерзод Ташматов ҳамда Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов у ерда олиб борилаётган янги лойиҳалар билан танишди.
Мутасаддиларга марказ директори Камол Сирожитдинов ҳамроҳлик қилиб, сўнгги даврда амалга оширилган янгиликлар билан таништирди. Маълумки, марказ спортчиларимиздан ташқари ҳамюртларимизга ҳам тиббий хизмат кўрсатади. РСТИАМда шифокорлар кўригида стационар даволаш имконияти ҳам мавжуд бўлиб, бугун ушбу бўлим тўлиқ реконструкция қилинди ва замонавий қиёфа очди.
Марказнинг Нурли ташхис бўлими замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Мижозларнинг катта қисми айнан ушбу бўлим хизматларидан фойдаланади. К.Сирожитдинов эндиликда мазкур йўналишдаги имкониятлар янада ошгани, рентген, МРТ, МСКТ ускуналари анча такомиллашганини қўшимча қилди. Шунингдек, алоҳида физиотерапия бўлими ташкил этилаётгани ҳақида маълумот берди. Танишув давомида қайта қурилаётган реабилитация ва массаж хоналари, лаборатория бўлими ҳам кўздан кечирилди. РСТИАМ директори яқин вақт ичида жарроҳлик бўлими фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилганига урғу берди. Ўрганиш ишлари давомида марказ имкониятларидан унумли фойдаланиш, мижозларга барча шароитларни яратиш бўйича қўшимча тавсиялар берилди.