Волейбол бўйича ўсмирлар ўртасида Марказий Осиё чемпионати якунланди
Тошкентда волейбол бўйича 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида Марказий Осиё чемпионати ўз якунига етди. Мусобақанинг қизлар ўртасидаги финал беллашувида ҳамюртларимиз қозоғистонлик тенгқурларига қарши баҳс олиб боришди.
Қизиқарли кечган ўйин қўшниларимизнинг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Шу тариқа, қизлар ўртасидаги беллашувларда Қозоғистон жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин Ўзбекистон-1 жамоасига насиб этган бўлса, ярим финалда имкониятни бой берган Ўзбекистон-2 қизлари бронза медаллари билан тақдирланишди.
Йигитлар ўртасидаги финалда Покистонни 3:2 ҳисобида доғда қолдирган Эрон чемпионликни тантана қилди. Бўлажак чемпионларга ярим финалда имкониятни бой берган йигитларимизга бронза медаллари топширилди.
Тошкентда волейбол мусобақалари давом этади. Энди 22-29 июль кунлари пойтахтимиз 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилади.