Ру En O'z
19 Июль 2023 1424

Президент қарори асосида Самарқандда Олий спорт маҳорати институти фаолиятини бошламоқда

Олимпия ва Паралимпия спорт турлари бўйича юқори малакали ҳамда замонавий билим ва технологияларни ўзлаштирган тренер, ҳакам селекционер ва бошқа мутахассисларни тайёрлаш мақсадида 2022 йил 6 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий спорт маҳорати институти фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 269-сон Қарори имзоланган эди. Ҳозирда унда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда.

Қарорга мувофиқ, Самарқанд шаҳрида Олий спорт маҳорати институти ташкил этилди. Бу йил мазкур даргоҳга дастлабки талабалар қабул қилинади. МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов бошчилигида Институт фаолиятини йўлга қўйиш, унга терма жамоалардаги иқтидорли спортчиларни жалб этиш каби масалаларга бағишланган онлайн йиғилиш бўлиб ўтди. ZOOM платформаси орқали ташкил этилган тадбирда Институт ректори вазифасини бажарувчи, шунингдек, Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ректори Илҳомжон Турсуналиев, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, федерация ва ассоциациялар масъуллар иштирок этишди.

Ушбу институтга олий спортда катта муваффақиятга эришган, хусусан, турли ёш тоифаларидаги Осиё ҳамда жаҳон чемпионатларида ғолиб ва совриндор бўлган, шунингдек, катталар ўртасидаги мамлакат биринчилигида ғалаба қозонган спортчилар имтиёзли қабул қилинади. Ўқиш давомийлиги 3 йилни ташкил этади. Унда бокс, дзюдо, енгил атлетика, оғир атлетика, эркин кураш, юнон-рум кураши, таэквондо WT, сузиш, академик эшкак эшиш, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, гандбол, баскетбол ва паралимпия спорт турлари бўйича малакали кадрлар тайёрланади.

Шерзод Рихсибаевич ушбу таълим даргоҳининг илк қабулини муваффақиятли ўтказиш лозимлигини алоҳида таъкидлади. Шу мақсадда федерациялар масъулларига жараённи шаффоф ва очиқ ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Text to speech