Ру En O'z
18 Июль 2023 1490

Париж-2024: Олимпия шаҳарчаси ва спорт объектларига саёҳат

Маълум қилганимиздек, шу кунларда Франция пойтахтида Париж-2024 XXXIII ёзги Олимпия ўйинларининг ташкилий масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтмоқда. Унинг навбатдаги кунида меҳмонлар учун Олимпия шаҳарчаси ва бир қатор спорт объектлари бўйлаб экскурсия ташкил этилди.

Токио-2020 Олимпиадасидаги шаҳарчада максимал даражада тежамкорликдан фойдаланиш учун ётоқлар картондан (бақувват қоғоз материаллар) ишланган эди. Францияликлар ҳам ушбу анъанани давом эттиришмоқда. Токиодагидан фарқли ўлароқ, шаҳарча ичидаги хоналар ва атлетларнинг машғулот заллари нисбатан кенг ва катта. Шаҳарча Сена дарёси бўйида қурилиб, унинг ҳар икки қирғоғини эгаллаб олади. Дарёдан ўтиш учун махсус кўприк қурилади. Аввал кинематография павильони бўлган улкан майдон Ўйинлар давомида ошхона вазифасини бажариб беради. Шубҳасиз, шаҳарча катта ҳудудни ўз ичига олади. Турли чеккаларга тезроқ етиб бориш учун ташкилий қўмита аъзоларига самокат, меҳмонларга велосипед хизматлари тақдим этилади.

Олимпия объектлари бўйича ҳам бир қатор жиҳатларни санаб ўтиш мумкин. Асосийси Париж-2024 энг кам объектлар қурилган Олимпиада сифатида тарихга кирмоқда. Бу эса давлат бюджетидан катта миқдорда пул ажратилиб, ҳозирда қаровсиз ётган Афина-2004, Рио-2016 каби Олимпиадаларнинг объектлари каби қаровсиз қолиб кетишининг олдини олади. Бўлажак мезбонлар сув спорти турлари учун 15 220 кишига мўлжалланган янги ҳавза, шунингдек, 8000 томошабинни ўз ичига оладиган, Ўйинлар давомида бадминтон ҳамда бадиий гимнастика баҳсларини қабул қиладиган иккита аренани янгидан қурган холос. Мусобақаларнинг аксарият қисмида кўргазма залларидан фойдаланилади. Экскурсия давомида бу бўйича батафсил маълумот берилди. 2024 йилнинг май ойидан биноларни жиҳозлаш ишлари бошланади ва қарабсизки, заллар бир неча ҳафта ичида дунёнинг энг кучли спортчиларини қабул қиладиган спорт объектига айланади. Яна бир қизиқ томони, баъзи спорт турларининг икки хил объектларда ўтиши. Жумладан, бокс беллашувлари “Arena Paris Nord” кўргазмасининг майдонида ташкил этилса, ҳал қилув жанглар 34 000 кишини сиғдира оладиган “Ролан Гаррос стадиони"да ўтади.

Тадбир давомида Ўзбекистон МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов Олимпия ўйинларидан аввал Парижда бир қатор спорт турлари бўйича терма жамоаларимиз учун ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Text to speech