Ру En O'z
17 Июль 2023 1223

Чавандозларимиз Россиядаги халқаро мусобақада юқори натижаларни қайд этишди

14-16 июль кунлари Россия Федерациясининг Москва вилоятида жойлашган “Виват Россия” от спорти клубида навбатдаги халқаро мусобақа бўлиб ўтди. Россия, Беларусь, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан сара чавандозлар иштирок этган нуфузли турнирда ҳамюртларимиз юқори ўринларни эгаллашди.

Мусобақанинг иккинчи кунида 145 см баландликдаги тўсиқлардан сакраш дастурида Азам Толиббоев “Бозарт Де Руэт” лақабли тулпорида иккинчи, Бекзод Қурбонов эса “Маттс” билан учинчи ўринни эгаллади. Учинчи кун баҳсларида 125 см баландликдаги тўсиқлардан сакраш йўналишида Баҳромжон Газиевга (“Леди”) тенг келадигани топилмади. Шунингдек, аниқликка асосланган сакраш дастурида “Маттс” Бекзод Қурбоновга етакчиликни қўлга олишига ёрдам берди.

Мусобақанинг якуний кунида Жокер билан 110 смдан сакраш йўналишида Ҳумоюн Абдуллаев “Голден стар” тулпори билан учинчи ўриндан жой олган бўлса, 130 см тўсиқдан иборат ўрта айлана дастурида Хуршидбек Алимжонов “Чемпионс Лигас” билан энг яхши натижани қайд этди. Ва ниҳоят, мусобақа Гран-приси – 150 см баландликдаги катта айланадан иборат тўсиқлардан сакраш йўналиши ҳам Бекзод Қурбонов ҳамда “Маттс”нинг ғалабаси билан якунланди.

Text to speech